Ассалому алайкум азиз юртдошлар!
Барчангизни, жумладан сиз орқали оила аъзоларингизни кириб келаётган янги – 2023 йил билан самимий муборакбод этиб, сизларга тинчлик-омонлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга қут-барака тилашни ўзим учун катта бахт, деб биламан.
Ҳар гал янги йилни кутиб олар эканмиз беихтиёр вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўламиз ва ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўйишни бошлаймиз. Шуни қайд этиш керакки, бу йил Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети учун эсда қоларли йил бўлди.
Хусусан, 39 нафар изланувчи, жумладан, 6 нафар фан доктори (DSc) ва 33 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди.
Жорий йилнинг 23-24 сентябрь кунлари олийгоҳимизда бўлиб ўтган “Университет спорти: миллатнинг соғлиги ва фаровонлиги” мавзусидаги талабалар ва ёш олимларнинг ХI халқаро анжумани бизга қатор хорижий давлат олийгоҳлари билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида қилинаётган янгиликлар билан танишиш ва улкан тажриба орттириш имконини берди.
Спорт соҳасида қилинган ишлар ва қўлга киритилган ютуқлар ҳам ўзига хос салмоққа эга. Жумладан, Туркиянинг Коня шаҳрида бўлиб ўтган V Ислом бирдамлиги ўйинларида олийгоҳнинг 47 нафар талабалари иштирок этиб, жами 44 та медаль, шундан 17 та олтин, 15 та кумуш ва 12 та бронза медалларини қўлга киритди. Пойтахтимизда бўлиб ўтган дзюдо бўйича 35-жаҳон чемпионати мусобақасидаги Музаффарбек Тўрабековнинг ғалабаси эса спорт мусобақаларда эришган муваффақиятларимиз гултожи бўлди десам асло муболаға бўлмайди. Яна бир фахр билан тилга оладиган жиҳат, 2022 йилда 12 нафар талабаларимиз Президент, Ибн Сино ва бошқа номдор стипендияларининг соҳиб ва соҳибаларига айланишди.
Шунингдек, талаба-ёшларимизнинг энг яхши ва замонавий шароитларда яшашлари учун 540 ўринга мўлжалланган 2-сонли ва 1100 ўринга мўлжалланган 3-сонли талабалар турар жойларининг қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди, моддий техник базамиз янада мустаҳкамланиб, қишки спорт турлари бўйича симуляция маркази ташкил қилинди ҳозирда жиҳозлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Энг аҳамиятлиси, давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 3 ноябрда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг келгусидаги ёрқин ва ўзига хос имижини шакллантиришга замин яратди.
Қадрли, устоз-мураббийлар ва ҳамкасблар!
Юртбошимиз томонидан 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилиши ҳам бежиз эмас. Яъни келаётган йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларни ўтаётган йилдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида кўриш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, тугалланиб бораётган йилимиз университетимиз тарихида ёрқин из қолдирди. Шу боис эски йилимизни шукроналик ва розилик билан кузатмоқдамиз.
2023 йилнинг қадами қутлуғ келсин!
Бу йил ҳам ўтган йилларимиздаги каби файзли ва баракали йил бўлишини тилаган ҳолда, яна бир бор барчамизга кириб келаётган Янги йил муборак бўлсин!
Махмуджон БОЛТАБАЕВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, профессор